РУС ENG ЎЗБ
Ёпиш
Логин :
Парол:
Паролингизни унутдингизми?
Фойдаланувчи сифатида сайтга кириш
Ушбу сайтлардан бирида руйатдан ўтган бўлсангиз, сайтга киришингиз мумкин
Рўйхатдан ўтиш
Укинг

Фаст-фуд нуқтасини қандай очса бўлади?

Фаст-фуд нуқтасини қандай очса бўлади?

Агар сиз бизнес билан шуғулланишга қарор қилган бўлсангиз, бошланғич иш сифатида тез тайёр бўладиган емаклар билан савдо қилувчи кичик дўконча, бошқача қилиб айтганда фаст-фуд нуқтаси очиш ҳақида ўйлаб кўрсангиз бўлади. Ушбу бизнес тури ҳалигача бошловчи тадбиркорлар учун қизиқарли бўлиб, бунинг учун катта маблағ талаб қилинмайди. Шунингдек, фойдани ҳам кўп кутишга тўғри келмайди.

Ҳаммаси ғоядан бошланади!

Маълумки, бугунги  ҳаёт суръати тез тайёр бўладиган емак турлари - барчага маълум хот-догдан тортиб, американча гамбургер ва хитойча лағмонгача тайёрлайдиган унча катта бўлмаган савдо нуқталарига талаб келтириб чиқаради.

Агар сиз ўзингиз истиқомат қиладиган даҳадаги гавжум чорраҳа атрофида бўш ётган бирор хонани кўриб қолган бўлсангиз, бу жойда дадиллик билан хот-доглар,  гамбургерлар ва кока-кола билан савдо қилувчи овқатланиш шохобчасини очишингиз мумкин. Биз билан суҳбатлашган бундай шахобчалар эгаларининг айтишича, бу бизнесда тажриба қилишдан қочмаслик керак – озми-кўпми вақт ўтгач,  айнан ушбу жойга тўғри келадиган энг мақбул вариант топилади ва ишингиз янада юришади. Бунинг учун атига бир-икки ой ишлаб кўришнинг ўзи кифоя.

 

Ишнинг молиявий томони

Кўринишидан осонгина туюлган “хот-дог бизнеси” ҳам аслида анчагина маблағ талаб қилади. Албатта, бу ерда ҳам кўп нарса сиз бошлаган ишнинг кўламига боғлиқ. Бизнесни бошлаш учун ўртача 3 сўмдан 10 млн. сўмгача бўлган миқдордаги маблағ талаб қилиниши мумкин.

Ишни бошлашдан олдин унча катта бўлмаган бизнес-режа тузиб чиқиш (албатта қоғозда!) ва ишга қанча пул кетиши, қачон фойда олишни бошлашни тахминан ҳисоблаб чиққач, лойиҳани амалга оширишга киришиш мумкин.

Экспертларнинг сўзларига кўра, ушбу тадбиркорлик турининг афзал томонларидан бири- уни аста секин, босқичма-босқич ривожлантириб бориш мумкинлигидир. Масалан, бошида сиз фақат хот-дог ва кока-кола сотиш билан шуғулланасиз, бунинг учун кўп билим ва маблағ талаб қилинмайди. Ишни бошлашда сизга сосиска ва сабзовотларни солиш учун  мўъжазгина музлатгич, шунингдек, микротўлқинли печь керак бўлади. Агар иш юришиб, доимий мижозларингиз пайдо бўла бошласа, ассортиментни кенгайтириш, тайёрланиши қийинроқ бўлган емак турлари, айтайлик, гамбургерлар ёки шаурма тайёрлашга ўтиш мумкин бўлади.    

Агар шохобча жойлашадиган хонани капитал таъмирлаш керак бўлмаса (ушбу бизнес турида таъмир харажатлари энг кўп маблағ талаб қилиши мумкинлигини назардан қочирманг!), бизнесни бошлаш учун иккидан беш милионгача маблағ зарур бўлади.

Соҳада тажрибага эга кишиларнинг сўзларига кўра, “хот-дог бизнесининг” рентабеллиги, шоҳобча жойлашган ернинг гавжумлигига боғлиқ ҳолда 20%дан 70%гача (ҳатто 100%) бўлиши мумкин (ўртача 50%).  Агар иш яхши ривожланиб, доимий мижозлар орттира бошласангиз, бошланғич сармоянгизни икки ойда тўлиқ қайтариб олиб, яна икки ойдан кейин эса, соф фойда олишга ўтишингиз мумкин.

Кўп нарса сиз ўз шохобчангизни қайдай шохобча сифатида ривожлантиришингизга боғлиқ. Энг яхшиси, қайсидир йўналишни танлаб (масалан, фақат хот-дог ёки шаурма тайёрлаб сотиш), уни омилкорлик билан ривожлантириш керак. Бу доимий мижозлар орттиришга имкон беради. Доимий мижозлар эса, ҳар қандай бизнеснинг асоси ҳисобланади.

Масалан, фақат бир неча хилдаги шаурма ва лаваш (туркча емак тури) тайёрлаш билан шуғулланадиган шохобчалар ҳам мавжуд. Тошкент шаҳрида анчадан буён фақат тез тайёрланадиган емаклар тайёрлашга ихтисослашган шохобчалар тармоқлари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Уларнинг тажрибаси ушбу бизнес турида ҳам тармоққа айланиш даражасигача ўсиш мумкинлигини кўрсатмоқда.

Тажрибадан кўриниб турибдики, кичик емакхона очиш лойиҳасини фақат шахсий маблағингиз ҳисобига очиш мақсадга мувофиқ. Агар сизда бу маблағ бўлмаса, ота-онангиз, қариндош уруғларингиздан қарз олишга ёки ғоянгизни қўллаб-қувватлашга рози бўладиган ҳамкор топишга уриниб кўринг. Одатда, банклар бундай лойиҳаларга кредит ажратмайди.

 

Фаст-фуд шохобчасини очишда нималарга эътибор бериш керак?

Биринчи эътиборга олиш керак бўлган нарса – шохобча жойлашган ернинг қулайлиги, гавжумлиги. Одам қанча гавжум бўладиган жой бўлса – шунча яхши! Яқин 500 метр атрофида мактаб, ўқув муассалари, метро бекати, бозорча, йирик савдо марказлари ва бошқаларнинг бўлиши яна ҳам яхши (бу рўйхатга йирик чорраҳалар, катта кўчалар, шоҳбекатлар, давлат ташкилотлари, ишхоналар зич жойлашган ҳудудларни ҳам киритиш мумкин).

Ғоянгизни амалга оширишга киришишдан илгари ушбу соҳада амалий тажрибага эга бўлган кишилар билан маслаҳатлашиб олганингиз маъқул. Улар сизга бир қатор қимматли маслаҳатлар бериши мумкин. Чунки амалиёт назариядан анча фарқ қилади. Тез тайёр  овқатлар билан савдо қилувчи шохобча очишни мўлжаллаётган ҳудуддаги бозорни мустақил ўрганиб чиқиш ҳам мақсадга мувофиқ. Бундай шохобчалар борми, уларнинг сони қанча, улар нималар тайёрлашади, қўшимча нималар  билан савдо қилади, ким сизга рақиб бўлиши мумкин ва шу каби саволларга олдиндан жавоб бериб кўринг. Шунда адашмайсиз. Шунингдек, мижозларни бошида нима билан жалб қилишни ҳам ўйлаб кўринг. 

Юқорида таъкидлаганимиздек, тез тайёр бўладиган емаклар шохобчаларининг мижозлари рўйхати анча кенг. Унга талаба ўқиувчиларни, офис хизматчиларини, кўпчилик ҳайдовчилар, ўткинчи йўловчилар ва бошқаларни киритиш мумкин. Агар очилаётган шохобча яқинида юқорида саналган тоифалардан бири кўпчиликни ташкил қиладиган бўлса, айнан шу тоифа орасида талаб катта бўлган емак турларини тайёрлашга ихтисослашиб олган маъқул. Масалан, ўқув муассасалари атрофида оддий хот-доглар ва гамбургерлар кока-кола билан биргаликда яхши сотилади. Ўқувчи ёшидан ўтганлар тоифасини эса, бошқа турдаги емаклар кўпроқ қизиқтиради.

 Сотиладиган маҳсулотларнинг нархлари шохобчангизнинг мақомига мос бўлиши зарур. Лекин ҳар қандай ҳолда ҳам доимий мижозлар орттиргунга қадар шохобчадаги нархлар бозордаги ўртача нарлардан бир оз пастроқ бўлиши керак.

Экспертларнинг фикрига кўра, савдо шохобчасининг минимал майдони 4 кв. мерт бўлиши керак. Ҳозирда шаффоф витриналарнинг урфда эканлигини ҳисобга олган ҳолда, шохобчангизда тозалик доим  идеал даражада  бўлиши лозимлигини таъкидлаб ўтиш керак. Агар савдо шохобчангиз сизга доимий ва яхшигина даромад келтиришини истасангиз, ювилмаган идиш-товоқ, ерда ётган салат қолдиқлари ва шунга ўхшаш нарсалар шохобчада мутлақо бўлмаслиги шарт!

Статстикага кўра, фаст-фуд маҳсулотларини ҳарид қилиш ҳақидаги қарорларнинг 50 фоиздан кўпроғи импульсив равишда қабул қилинади. Шу сабабли маҳсулотларингиз сифатини доимий равишда назорат қилиб боринг, агарда сиз тайёрлаган лаваш кимгадир ёқиб қолса, у буни эсдан чиқармайди ва кейинги сафар бу ерга яна бир мижозни бошлаб келади. Шундай қилиб, доимий мижозларга эга бўласиз.

Фаст-фуд шохобчасини юритишда кунига янги маҳсулотлар (гўшт, помидор-бодринг, кўкатлар ва ҳ.к.) ҳарид қилишга тўғри келишини айтиб ўтиш керак. Шунингдек, сув ва ичимлик захираларини ҳам вақти-вақти билан тўлдириб туриш зарур бўлади.

Фаст-фуд шохобчаси ёнига стол-стул, шамсия қўйиш мақсадга мувофиқми? Биз суҳбатлашишга муваффақ бўлган соҳа мутахассисларининг айтишларига кўра, агар шохобчангиз одамлар кўп ўтадиган гавжум чорраҳада жойлашган бўлса, яхшиси, барлардаги каби тик туриб суяниб туриладиган стойкалар қилган маъқул. Бу – мижозлар оқимининг тез айланишига имкон беради, яъни улар шохобчада узоқ ушланиб қолмасдан, тезгина қорин тўйғизиб, еб-ичиб оладилар. Бундан ташқари, тик туриб тановвул қилган киши кўпроқ нарса ея олиши ва, одатда, яна нимадир буюриши исботланган.

Лекин, шохобчангиз одам кам бўладиган ерда жойлашган бўлса, мижозлар ўтириши учун стол-стуллар қўйиш мақсадга мувофиқ.

 

Нималарни текинга олса бўлади?

Бизга маслаҳат берган мутахассисларнинг сўзларига кўра, фаст-фуд емаклари нуқталари эгалари йирик салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчиларидан бар қатор кўмак олиш имкониятига эга (Coca-Cola, Nestle, Nescafe ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар). Одатда ушбу компаниялар ўз маҳсулотларининг бозордаги сотилиш нуқталарини кўпайтириш ва реклама мақсадларида ичимликларни сақлаш учун музлатгичларни текинга ёки кредит ҳисобида беришади. Бундан ташқари, ушбу компаниялар фаст-фуд шохобчаларини безашда ҳам ёрдам беришлари мумкин.

 

Фаст-фуд бизнесига мавсум омили таъсир қиладими?

Ҳар қандай бизнесда бўлгани каби, ушбу бизнесда ҳам мавсумийлик омиллари билан ҳисоблашишга тўғри келади. Бу бизнесда энг яхши мавсум – баҳор ва куз фаслларига тўғри келади. Ёзда талаб бир оз пасаяди, лекин иккинчи томондан, салқин ичимликларга бўлган талаб кескин ошади. Фақат шунинг ўзи ҳам сизга яхшигина фойда олиб келиши мумкин. Ва албатта, ёзда музқаймоқ билан савдо қилишни ташкиллаштиринг, бу ҳам сизга мижозлар келишини таъминлайди.

 
Битта гамбургер қанчага тушади?

Келинг, мавжуд маълумотлар ва экспертларимизнинг маслаҳатларига таянган ҳолда, битта гамбургернинг ўртача қийматини ҳисоблаб чиқишга ҳаракат қилиб кўрайлик. Юқорида таъкидлаганимиздек, турли фаст-фуд емакларининг қиймати кўплаб омилларга боғлиқ бўлиб, буларга озиқ-овқат маҳсулотларининг баҳоси (асосий харажат тури), қўшимча маҳсулотларга кетадиган маблағлар, электр энергияси, иш ҳақи, ижара ҳақи, солиқлар ва бошқа ҳаражатлар киради.

Демак, экспертларимизнинг айтишларига кўра, битта гамбургерга, унинг катта-кичиклигига қараб (кичик, ўрта, катта,), ўртача 60-100 гр. мол гўшти қиймаси сарфланади. Котлетга ўртача 80 гр. гўшт кетди, деб ҳисоблаймиз. Гўшт баҳоси ҳозир бозорда ўртача 14 минг. сўм. 80 гр. гўштнинг баҳоси 1120 сўмни ташкил қилади. Гамбургер ясашда ишлатиладиган юмалоқ кулчанинг нархи ўртача 200 сўмни ташкил қилади. Бунинг устига помидор-бодринг, соус (кетчуп), кўкат харажатларини ҳам қўшинг. Булар ҳам тахминан 200 сўмни ташкил қилади. Шундай қилиб, битта гамургер тайёрлаш, ойлик маош ва солиқларсиз 1520 сўмга айланаяпти. Бу ҳаражатларга 300 сўм кетди, деб фараз қилайлик. Шунда жами ҳаражатлар 1820 сўмни ташкил қилади. Аниқлашимизга кўра, бугунги кунда битта гамбургернинг нархи шохобчаларда камида 2800 сўм туради. Демак, битта гамбургер ўртача 950 сўм соф фойда келтираётган бўлиб чиқади. Рентабеллик 33%ни ташкил қилди.          

Экспертларнинг сўзларига қараганда, хот-доглар, тез тайёрланадиган емаклар орасида энг кўп фойда келтиради (бунда рентабеллик 70-100% ташкил қилади). Бунинг устига уларни тайёрлаш ҳам осон, ҳам кам харажат талаб қилади (барча харажатлар ўртача 750 сўм, сотилиш баҳоси 1500сўм). Шунигдек, сосискалар ҳам гўштга қараганда анча арзон.

Лавашнинг қиймати гамбургерникига қараганда анча юқори. Ўз навбатида, унинг сотилиш нархи ҳам бирмунча юқори. Соҳа мутахасислариинг сўзларига қараганда, лаваш тайёрлаб сотишда рентабеллик ўртача 70-100 фоизга тенг.

Шундай қилиб, фаст-фуд – тез тайёрланадиган емаклар бизнесида рентабеллик ўртача 50 фоизни ташкил қилади. Бу жуда яхши натижа бўлиб, кўпчилик бизнеслар рентабеллигидан, масалан, савдодаги рентабеллик даражасидан анча юқори.

 
Сўнги сўз ўрнида

Экспертларнинг айтишларига қараганда, хот-дог, гамбургер, шаурма тайёрлаб сотиш ҳалигача фойдали бизнес турларидан бири ҳисобланади. Бундай емак турларига талаб ҳали қондирилгани йўқ. Ишни бошлаш учун унча катта маблағ зарур эмас, бошланишига  гриль қурилмаси ва гўшт, салатларни сақлаш учун музлаткич бўлса кифоя. Лекин шохобчани тўлиқ ишга тушириш учун уни таъмирлаш, жиҳозлаш керак бўлади, бунинг учун эса, энг камида бир-неча миллион сўм зарур. Бундан ташқари, ходимлар учун бир хилдаги форма, шохобча логотипи солинган ёрлиқ каби нарсаларни ҳам унутмаслик керак. Бу сизга қўшимча афзаллик бўлади.

Қайд этиш керакки, ҳатто унча катта бўлмаган шоҳобчани очишга ҳам, ҳужжатларни расмийлаштириш билан бирга ҳисоблаганда  камида икки ҳафтадан, бир ойгача вақт кетади.

Агар сиз ҳеч кимга кераксиз бўлиб ётган қаровсиз хонани фойда келтирадиган емаклар шохобчасига айлантира олишингизга ишонсангиз, бугуноқ иш бошлашингиз мумкин. Маълумки, омад довюракларга кулиб боқади.

Керакли ҳужжатлар ва харажатлар рўйхати (Рўйхатда келтирилган зарур ишлаб чиқариш ва савдо ускуналари турлари, баҳоси ҳар бир ҳолатда турлича бўлиб, ўзгариши мумкин) 

Зарур ҳужжатлар

Тахминий харажатлар

Эслатмалар

Юридик шахс, МЧЖни рўйхатдан ўтказиш

Ўз.Р. энг кам иш ҳақининг 2 баравари, муҳр тайёрлаш учун 16 минг сўм, Низом жамғармасининг (Ўз.Р. белгиланган энг кам иш ҳақининг 50 баравари) 30% миқдорида нақд пул.

Ушбу суммага МЧЖни солиқ инспекцияси, Давлат статистика қомитаси ва бошқ. рўйхатдан ўтказиш киради.

СЭС рухсатномаси

-

Шохобчани таъмирлаш

2-6 млн. сўм

Ижара ҳақи

300 минг сўм

Агар хона ижарага олинса

Электр токи ўтказиш

Ойига сарфланган энергияга қараб

Шахобчага газ ўтказиш

100 минг сўм

Агар грил қурилмаси электр токида ишласа, бунга эҳтиёж қолмайди

Зараркунандаларга қарши ишлов бериш

30 минг сўм

Гўшт маҳсулотлари учун музлаткич

500 минг сўм

Ойнали музлаткич

1 млн. сўм

Микротўлқинли печь (2 дона)

500 минг сўм

Ичимликлар учун музлаткич

-

Сoca-colaдан ижарага олиш мумкин

Касса аппарати

600 минг сўм

Шаурма тайёрлаш қурилмаси

250 минг сўмдан бошлаб

Витрина

50 минг сўм

Ўт ўчириш баллони

50 минг сўм

Инкассация

-

Ходимлар (2 киши)

Ойига 600 минг сўм



Агар сиз шу маълумотга қўшадиган нарсангиз бўлса, изоҳ қолидиринг.
Кўпроқ билишни истасангиз, бизга ёзиб юборинг.
Ўхшаш мақолалар
Мақола ёқди:
(овозлар: 17, Рейтинг: 3.94)

Reviews forum #FORUM# is not exist

Эълон қўшиш
Бинес режага буюртма бериш
Обуна бўлиш